Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Путинни сайловлардаги “ишончли ғалабаси” билан табриклади

Foto: “Izvestiya”

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Владимир Путинни Россия президенти сайловидаги “ишончли ғалабаси” билан табриклади. Тожикистон раҳбари матбуот хизмати унга аталган табрик телеграммасини эълон қилди. У Путиннинг икки мамлакат алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди.

“Бўлиб ўтган овоз бериш натижалари Сизнинг юқори сиёсий авторитетингизни ҳамда мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаб, унинг халқаро ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган давлат йўналишингиз Россия жамоатчилиги томонидан кенг қўллаб-қувватланишини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир”, — дейилади телеграммада.

Владимир Путинни ғалаба билан қутлаган илк чет эл етакчилари орасида Венесуэла президенти Николас Мадуро ва Никарагуа раҳбари Даниэль Ортега ҳам бўлди.

Россия Марказий сайлов комиссияси протоколларнинг 99,33 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин берган маълумотларга кўра, Путин президент сайловида овозларнинг 87,32 фоизини тўпламоқда. Бошқа номзодлар, жумладан, Николай Харитонов 4,32 фоиз, Владислав Даванков 3,79 фоиз ва Леонид Слуцкий 3,19 фоиз овоз йиғган. Овоз беришда сайловчиларнинг 74,22 фоизи қатнашган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.