Мисрдан Тошкентга “С” гепатитига қарши препаратнинг учинчи партияси етказилди
Тошкентга Мисрдан “С” гепатитига қарши «Sofosbuvir-400mg» препаратининг янги партияси келтирилди. Препаратнинг умумий сони 6720 донани ташкил қилади.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси хабарига кўра, Миср ҳукумати билан 2025 йилгача қиймати 4,2 миллион долларни ташкил қилувчи умумий ҳажми 800 минг дона бўлган “С” гепатит га қарши “Даклатасвир”, “Софосбувир” ва “B” гепатитига қарши “Энтекавир” дори воситаларини Ўзбекистонга етказиш бўйича келишувга эришилган, деб ёзади “Дунё” АА.
2023 йил давомида умумий қиймати 696 минг доллар бўлган ушбу дори воситалари босқичма-босқич Ўзбекистонга жўнатилди.
2024 йил 3 февраль куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Шарм-ал-Шайхдан Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган гепатитга қарши «Софосбувир-400мг» препаратини бир йилда учинчи марта Тошкентга етказди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-тадқиқот институтида соғайган беморларга 12 қутида жами 6720 дона ушбу дори воситаси берилади.
Ушбу инсонпарварлик акцияси Ўзбекистон президентининг 2023 йил 20-21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларига мувофиқ амалга оширилиб, гепатит билан касалланган беморларни қўллаб-қувватлаш ва уларни давлат ҳисобидан даволашга қаратилган.
Шарҳлар