Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларнинг жанговар тайёргарлигини текширмоқда

Фото: Министерство обороны

Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларида режага асосан қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошланди. мудофаа вазири раҳбарлигида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳарбий қисм ва бўлинмаларида шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда UzNews.uz нашри Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

Шунингдек, «Ангрен» ва «Термиз» умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш жараёнлари амалга оширилмоқда.

Тактик ўқувлар давомида «тревога» сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади.

Шунингдек, шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч воситалари ва миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.