Мудофаа вазирлиги хавфсизликни таъминлаш учун Ўзбекистонда етарлича ҳарбий куч борлигини билдирди

Вооруженные силы
Фото: yuz.uz

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларга эга эканини билдирди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Отабек Йўлдошев ўзининг Telegram каналида Ўзбекистон Конституциясининг 153-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга», — дейилганига асосланиб ёзади.

Мудофаа вазирлигининг медиа маркази шу тарзда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигига тайёргарлик кўраётгани, келгусида Қуролли Кучлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида яна бир қанча постлар чиқарилиши режалаштирилаётганини билдирган.

Ўзбекистон 2017 йилда Мудофаа доктринасини янгилаганди. Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Мудофаа доктринаси мудофаа характерига эга.

 «Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради», — дейилади доктринада.

Ҳужжатда глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг бутун тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилган.

Бу омиллар ҳарбий куч ишлатишни талаб қилиши мумкин, дейилади Мудофаа доктринаси. «Бундай шароитда давлатнинг мудофаа салоҳияти ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидларни жиловлаш, нейтраллаштириш ва тугатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб қолади», — дейилади ҳужжатда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.