,

“Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри” – Россия ТИВ вакили

Мария Захарова
Фото: https://pravfond.ru/

Россия ТИВ Ахборот ва матбуот департаменти директори Мария Захарова, Захар Прилепиннинг баёнотига жавобан Россия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туришини айтди.

“Захар Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, бу ҳатто Россия Федерациясининг расмий позициясини узоқдан акс эттирмайди”, деди у.

“Улар [муносабатлар – таҳр.] ҳақиқатан ҳам юксалиб бормоқда, буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октабр ойида мамлакатимизга расмий ташрифининг таъсирчан натижалари ва учрашувда ҳукм сурган илиқ муҳит ва икки давлат раҳбарларининг учрашуви ҳам тасдиқлайди”.

Захарова “биз 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битимларга тўлиқ содиқмиз”, деган.

“Ўзаро мажбуриятларга мувофиқ, ҳамкорлигимиз суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган. Икки давлат вакилларининг МДҲ, ШҲТ ва БМТдаги фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш руҳи билан суғорилган. Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсиши манфаатларидан келиб чиқиб, Москва Тошкентга Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги кузатувчи мақомини ҳисобга олган ҳолда ёрдам бермоқда”.

“Агар кенгроқ назар ташласак, Россия ва Марказий Осиёни умумий тарих, яқин инсоний ва маданий алоқалар, савдо-иқтисодий ва бевосита иқтисодий алоқалар бирлаштиради. Давлатларимиз ва ҳукуматларимиз раҳбарлари вазирликлар, идоралар, вилоятлар раҳбарлари олдига имтиёзли алоқаларни изчил ривожлантириш вазифасини қўйди. Бундан ташқари, биз ҳар доим бир-биримизга ёрдам беришга тайёрмиз, бу бир неча бор амаллар билан тасдиқланган (коронавирус пандемияси даврида ўзаро ёрдам, жабрланган ҳудудлар аҳолисига инсонпарварлик ёрдами, Марказий Осиёда ғайритабиий совуқлик даврида Россия энергия ресурсларини етказиб бериш, ва бошқалар.).”

Миграция мавзусига келсак, Россия томони чет элдан, биринчи навбатда, “дўст мамлакатлар”дан меҳнат ресурсларини жалб қилиш ҳам Россия, ҳам бундай хизматларни экспорт қилувчи давлатлар манфаатларига жавоб беришини бир неча бор таъкидлади, деди у.

“Ҳозирги вақтда миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада тартибли ва ўзаро манфаатли қилиш мақсадида бир қатор тартибга солиш, ташкилий, ахборот ва бошқа чора-тадбирлар бўйича ишлар олиб борилмоқда”, – дейилади муносабатда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.