Мулк ҳимоясини жаҳон талаблари даражасига кўтариш

Источник: unsplash.com

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририга 531-модданинг киритилиши, иқтисод фанлари доктори Дмитрий Тростянскийнинг фикрича, жамиятдаги кескинликни юмшатиш имконини беради, жамоат эҳтиёжлари учун мулкни олиб қўйиш билан боғлиқ низоларнинг олдини олади, мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни жаҳон амалиётида умумий қабул қилинган стандартлар даражасига олиб чиқади.

Энг аввало, ушбу модда қуйидаги асосий тамойилларга қатъий риоя қилишга асосланган: 1) давлат фақат давлат эҳтиёжлари учунгина мулкни олиб қўйиши/тугатиши ёки мулк ҳуқуқини чеклаши мумкин; (2) давлат мулкдорга «адолатли» компенсация тўлаши шарт; 3) мулки олиб қўйилаётган, тугатилаётган ёки фойдаланиши чекланган шахсга тегишли суд ҳимояси ҳуқуқи тақдим этилиши керак.

Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий бегоналаштириш бўйича халқаро амалиёт қуйидаги стандарт процедураларни ўз ичига олади: мулкдан маҳрум этишни қўзғатишнинг судгача бўлган процедураси, суд қарорининг қабул қилиниши, мулкдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш/унга шикоят келтириш.

Аксарият мамлакатларда «адолатли» компенсация таърифи парламентнинг мутлақ ваколатига киради, яъни компенсация қийматини белгилаш тартиби қонуности ҳужжати эмас, балки фақат қонун даражасида белгиланади.

Айнан шу боис Ўзбекистон Президенти жорий йил 29 июнда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунни имзолади, унда олиб қўйиш ва компенсациялашнинг конкрет асослари рўйхати аниқ белгилаб қўйилган. Ер участкаларининг компенсация эвазига олиб қўйиладиган жамоат эҳтиёжларининг аниқ баёни, шунингдек уларни жамоат эҳтиёжлари ниқоби остида бошқа мақсадлар учун бирор-бир тарзда талқин қилинишини тақиқлаш ер участкаларини олиб қўйиш процедурасини тартибга солиш ва бу жараённи аҳоли ва бизнес учун шаффоф қилиш имконини беради.

Қонунда, шунингдек, мол-мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйилган участкага бўлган ҳуқуқ; кўчиш ва ижара харажатлари, ер участкаси ва унда жойлашган объектлардан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда, шунингдек мулкдорнинг қонунчиликда ёки шартномаларда назарда тутилган бошқа харажатлари ва зарарлари ҳам қопланиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, олиб қўйилган ер участкасида мулкдорга тегишли бўлган ўзбошимчалик билан қурилган турар-жой/турар жой бўлмаган хоналар, ишлаб чиқариш ва бошқа бино ва иншоотлар мавжуд бўлса, уларнинг бозор қиймати ҳам тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Бу жуда катта аҳамиятга эга, чунки Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, республикада 3 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектлари тегишли ҳужжатларга эга эмас.

Шунингдек, бузилган кўчмас мулк ўрнига янги бинода мол-мулк бериш муддатлари белгиланган бўлиб, бу муддат бошқа объект вақтинча фойдаланишга берилган кундан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, белгиланган муддат бажарилмаган тақдирда, ҳокимликлар томонидан пеня тўланади.

Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби бўйича жаҳон амалиётининг жорий этилиши ушбу соҳада юзага келадиган барча муаммоларни ҳуқуқий соҳага ўтказиш, жамиятдаги кескинликни бартараф этиш, аҳоли ва бизнесни ҳудудий ҳокимият органларининг ўзбошимчалигидан максимал даражада ҳимоялаш ҳамда барча харажатлар учун адолатли компенсация олиш имконини беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.