Наманган халқаро аэропорти томонидан ўтказилган 1,4 млрд. сўмлик тендер бекор қилинди

Международный аэропорт Намангана. Источник: yandex.ru

“Наманган” халқаро аэропорти томонидан амалга оширилган 1 миллиард 440 миллион сўмлик давлат хариди бекор қилинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматига асосланиб “Daryo” хабар бермоқда.

Агентлик томонидан 2023 йил 2 майда “Наманган халқаро аэропорти” МЧЖ буюртмасига асосан комплекс тозалаш (ободонлаштириш) хизматларини кўрсатиш бўйича давлат харидларини ўтказишда қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бажарилмаган.

Ушбу харидда иштирок этган ва харидда ғолиб бўлган аризачининг ҳужжатлари харид комиссиясининг икки аъзоси фойдаланадиган компьютер орқали (бир хил IP-манзиллар билан) электрон сайтга юкланди.

Агентлик томонидан буюртмачига харид комиссияси баённомасини бекор қилиш тўғрисида кўрсатма чиқарилиб, тўпланган ҳужжатлар эса иш қўзғатиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.

“Наманган халқаро аэропорти” МЧЖ 3 май куни харид комиссиясининг ҳисоботини бекор қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.