Наманганнинг “Сардоба”си, Қўқоннинг “Музаффар савдо” бозоридаги контрабанда тамакини ким назорат қилади ёҳуд Наманган солиқ бошқармаси нега изоҳ беришдан қочди?
Anhor.uz нашри Тамаки контрабандаси ва унинг бозорлар, савдо дўконларидаги эркин савдосини ўрганиш бўйича сафарини водийдан, Наманган вилоятидан бошлади.
Дастлабки манзил Наманган шаҳар солиқ инспекциясининг қаршисида жойлашган Сардоба савдо мажмуаси бўлди. Бу ердан ўтган бир йил ичида икки маротаба репортаж тақдим этгандик. Бироқ натижа бўлмаган кўринади. Бозорга киришидаги ўнг қатордаги учинчи ва олтинчи савдо дўконларига бир қарашда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғилланмайди деган ҳулосага келасиз, бироқ озгина кузатсангиз ёки керакли сигарет номини айтсангиз сотувчилари дархол қўлингизга сиз истагандандан ортиқ турларини тақдим этишади. Бу жараённи тасвирга олишнинг имкони бўлмади, бироқ ушбу тасвирга сиз эътибор қаратсангиз дўконнинг ички расталарида териб қўйилган тамакиларни кўришингиз мумкин.
Масаланинг ечими эса уларни ушлаш ёки товарини мусодара қилиш билан битмайди. Шу ҳолатга сабаб бўлаётган омиллар бартараф этилса, қонунбузарликлар кескин камаяди. Aлбатта, буни божхона тариф сиёсати билан ҳам боғлиқлигини инобатга олиш лозим. Тасвирга олиш ва ўрганишлар манзиллари тўғрисида Наманган вилояти солиқ ҳамда божхона бошқармалари матбуот хизматлари огоҳлантирилган, улардан кўмак сўралган энди. Божхона бошқармаси ўз ёрдамини аямасдан бизга керакли тасвирларни ва маълумотни тақдим қилди. Наманган вилояти солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари эса сафардалигини, чоршанба 3 апрель куни вақти бўлишини билдирди, бироқ фурсат келганда унинг телефон рақамига тушишни имкони бўлмади, ўзи ҳам қўнғироқ қилмади.
Вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига эътибор қаратамиз. Аслида, тамаки маҳсулотлари акциз солиғига тортиладиган товарлар сирасига киради ва улар акциз маркалари билан маркаланган, рақамли маркировка кодларига эга бўлиши лозим. Агар мамлакат ҳудудидаги савдода акциз маркаси йўқ тамаки маҳсулотини кўрдингизми, демак, у ноқонуний йўллар билан кириб келгани аниқ. Aйтиш керакки, чегарадаги божхона постларидан бу каби товарларни ноқонуний олиб ўтиш деярли имконсиз.
Бундай маҳсулотлар асосан, чегарадош ҳудудлардан, божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали ҳам олиб кириляпти. Сардобадаги савдода турганлари ҳам ана шу йўллар орқали олиб кирилган махсулотлар саналади.
Бозордаги ўрганишни якунлаб, вилоят бўйлаб сафаримизни турли майда савдо нуқталарида давом этдик. Хар 10 та савдо дўконининг 6 тасидан контрабанда тамакини топсангиз бўлади. Улар орасида очиқдан-очиқ расталарда контрабанда товарлари сотилаётганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу маҳсулотлар тамаки истеъмол қилувчилар орасида арзонлиги билан танилган “Милано”, “Милано блю” ва Россия тамаки маҳсулотлари. “Эссе ченж”нинг нархи Наманганда 50 минг сўмга етган. Қатор дўконлардан ушбу маҳсулотлардан ҳарид қилиб, назорат касса машинаси чекини талаб қилганимизда. “Бизда ҳаммага бир хил касса чеки берилади” деган жавобни олдик. Чекларда эса олган сигарет маҳсулотларимиз озиқ-овқат ёки нон маҳсулотлари деб кўрсатилган. Таҳририят ўз ўрганишлари бўйича Наманган вилояти прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бошқармаларига қайта Ахборот сўровларини юборди.
Қўқон шаҳридаги “Қўқон Музаффар савдо” озиқ-овқат ва аралаш моллар савдо маркази. Ушбу бозор шаҳарга туташ туманларга катта ҳажмдаги турли маҳсулотларни етказиб берувчи улгуржи савдо маскани ҳисобланади.
Бу ерда, кираверишда чап тарафда учта та ва ўнг тараф учинчи блок ўрта қисмида битта дўконда қонун ҳужжатларида контрабанда деб малакаланувчи қатор турдаги тамаки маҳсулотлари эркин савдо қилаётганлиги журналистимизнинг вилоятга қилган сафарида аниқланган. Сиз ушбу тасвирларда кўриб турган жойлар айнан ушбу савдо марказидан тасвирга туширилган. Шунингдек, Фарғона, Марғилон шаҳарлари ва Бешариқ тумани ҳудудларидаги бозорларда ҳам контрабанда тамаки сотувчи савдо нуқталари аниқланган. Шунингдек, Данғара, Бағдод ва Учкўприк туманлари ҳудудларидаги бозорларда ҳам контрабанда тамаки сотувчи савдо нуқталари аниқланган.
Anhor.uzнинг водийга сафари давом этади, навбатдаги манзил Фарғона шаҳри ва Андижон вилояти бўлади. Кузатишни давом этинг.
Шарҳлар