Сўнгги етти йилда Жиззахда 2 минг 500 та янги корхона ишга туширилган

Фото: Президент матбуот хизмати

9 апрель куни Зарбдор туманида Жиззах вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президент бу мулоқот Рамазон ҳайити арафасида ўтаётганига урғу бериб, халқни ушбу улуғ айём билан табриклади.

Барча ҳудудлардаги каби Жиззах вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётгани қайд этилган. Сўнгги етти йилда вилоятга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 2 минг 500 та янги корхона ишга тушган. Уларда 45 мингта доимий иш ўринлари яратилган. Тадбиркорлар сони 2 карра кўпайган.

“Лекин ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар, долзарб масалалар бор. Айрим туманларда аҳолини барқарор иш ва ойлик билан таъминлайдиган ўрта корхоналар кам. Вилоят саноатининг 80 фоизи 3 та тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ер майдонларига яраша эмас”, – дейилади хабарда.

Шу боис, ташрифдан олдин, иқтисодий комплекс вакиллари туманларни чуқур ўрганиб, вилоятда 57 минг иш ўрни яратиш имкониятларини чамалади ҳамда Жиззахнинг 13 та туманида иқтисодиётга туртки берадиган 100 та имконият ва захиралар борлигини аниқлаган.

Давлат раҳбари Жиззах вилояти иқтисодиётини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни маълум қилган.

Вилоятда экспорт учун етарли маҳсулот йўқлиги боис экинларни кўпайтириш бўйича янгича тизим жорий қилинади. Яъни банклар ўзига бириктирилган 309 та маҳаллага лидер тадбиркорларни топиб,  улар орқали аҳолига томорқада даромад топиш учун молиявий хизмат тўплами қилиб беради. Бунинг учун банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади, бюджет ҳисобидан агроном жалб қилиш, ўқитиш, маҳаллада йиғиш, сақлаш ва қуритиш пунктларини ташкил қилиш учун 1 миллиард сўмгача грантлар беради.

Хабарда, “саноат ривожи учун ҳам захирлар кўп. Масалан, хитойлик инвесторлар Жиззахда қурилиш материаллари, кимё, энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида 4 миллиард долларлик 22 та лойиҳа таклифини билдирган. Уларнинг натижасида саноат 12 триллион сўмга ўсади, 250 миллион доллар экспорт имконияти яратилади”, – дейилган.

Сўнгги йилларда Жиззахда автомобилсозлик вужудга келган. Келгуси уч йилда 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан унинг қувватини яна 100 мингтага ошириб, 10 мингта иш ўрни очиш, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Пахта-тўқимачилик тармоғида 220 миллион долларлик 29 та лойиҳа амалга оширилиши айтилган.

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.