Навоийда таксичилар йўл ҳаракати қоидабузарликларини тасвирга олган фуқароларни дўппослади

Таксичилар йўл ҳаракати қоидабузарликларини фотосуратга олган фуқаролар устидан “самосуд” уюштирди. Бу ҳақда UzNews нашри Навоий вилояти ИИБга таянган ҳолда ёзади.

Воқеа 29 июнь куни Хатирчи тумани марказида содир бўлган. «Кўксарой» МФЙда яшовчи Ш.А. ва С.О. моддий манфаат илинжида туман марказида таксичилик билан шуғулланувчи шахсларнинг автомашиналарининг давлат рақамларини яширин равишда суратга олиб, интернетга жойлаштириш мақсадида автомашиналарни йўл четида турган вақтида суратга туширган.

Улар ушбу ҳаракатни қилаётган вақтида туман марказида бир неча нафар таксичилар уларни кўриб, улардан нима сабабдан суратга тушириб юрганлигини сўраган. Ш.А. ва С.О. машиналарининг давлат рақамларини суратга туширишмаганлигини айтиб, қилган ишидан бўйин товлаган. Шундан сўнг, уларни таксичилар уриб, дўппослаган. Шунингдек, суратга олган телефон аппаратларини тортиб олиб, улар бошқариб юрган Spark’нинг «бамперлари»га, ойналарига, кузов қисмларига моддий зарар етказган.

Олиб борилган тезкор тадбир давомида, ушбу шахсларнинг барчаси туман ИИБ биносига олиб келиниб, шахсига аниқлик киритилиб, бармоқ излари олиниб, ҳолат юзасидан батафсил тушунтириш хатлари олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Хатирчи тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.