Наврўз байрами Ўзбекистондан бошқа мамлакатларда қандай ўтади
Наврўз нафақат ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан беш минг йилдан ортиқ вақтдан бери кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий ва гўзал байрамлардан бири саналади, дея таъкидлади Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ғайратулла Шукуров.
БМТ Бош ассамблеяси 21-март санасини Халқаро Наврўз куни деб белгилаган ва барча мамлакатларни ушбу қадимий байрамни бутун дунёда оммалаштиришга ҳисса қўшишга чорлаган.
“Байрамга мамлакатда фаолият юритаётган Миллий маданий марказлар ҳам катта тайёргарлик ишларини олиб боришаяпти. Масалан, қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз қизқувди, кўпкари ўйинлари ва халқ оқинларининг айтишувларини уюштирсалар, тожикларимиз сумалак дошқозонлари атрофида мушоира ва баҳру байтлар, ёр-ёру лапарлар айтишади”, – деган Шукуров.
Турклар кенг майдонлар ва тоғ ён бағирларидаги гўзал хиёбонларга йиғилишиб, базм ташкил этадилар. Ўзбек, тожик, қирғиз, турк, қозоқ, туркман, озарбайжон, татар, бошқирд каби шажаралари туташ миллатларнинг урф-одатида бир-бирига яқин жиҳатлар кўп. Наврўз удумларида ҳам ушбу миллатларнинг ўша бир хиллик ва ўзаро яқинликнинг гўзал ифодаларини кўришингиз мумкин.
Байрам тадбирлари бир ой давомида Ўзбекистоннинг ҳар бурчагида, шаҳар ва қишлоқларида, олис овуллару, қир-адирларда, дала шийпонлари-ю, маҳалла гузарларида ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик руҳида кенг нишонланиши қайд этилган.
Аввалроқ, Ўзбекистон президентининг “Наврўз умумхалқ байрамини кенг нишонлаш тўғриси”да чиқарган қарори ва унда белгиланган вазифалар ҳақида хабар бергандик.
Шарҳлар