Нодавлат нотижорат ташкилотлари бекор қилишни сўраган қарор устида қайта ишланади
Пайшанба куни Адлия вазирлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббускор гуруҳи вакилларининг “Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги ҳукумат қарори муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бунга яқинда бир гуруҳ нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик фаолларининг мазкур қарорни бекор қилишга чақириғи билдирилган очиқ мурожаати сабаб бўлди, деб ёзади «Газета.уз».
Учрашув якунлари бўйича томонлар қарорни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзРННТМА) ҳузурида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олишди.
Мурожаатда Вазирлар Маҳкамасининг 13 июндаги “ Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 328-сонли қарорини бекор қилиш зарурлиги ҳақида сўз боради.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари ва фаоллар ўз мурожаатида фармон нега нодавлат нотижорат ташкилотларининг ишига тўғридан-тўғри аралашиш эканлигини ва уларнинг халқаро грантлар орқали молиялаштирилишини қийинлаштираётганини батафсил тушунтириб беришди. Ташаббус гуруҳи бу нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларининг поймол этилиши ва мустақил фуқаролик жамияти институтларини ўз лойиҳаларини амалга оширишда миллий ҳамкордан бўйсунувчи ҳолатига келтиришини қайд этади.
Бундан ташқари, мурожаатда қайд этилишича, қарор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан на учрашувлар давомидаги муҳокамалар форматида, на Regulation.gov.uz сайтида онлайн муҳокама форматида келишилмаган. Ҳатто 1300 дан ортиқ ННТни бирлаштирган ва давлат органларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган ЎзРННТМА ҳам иштирок этмаган ва ушбу ҳужжатнинг ННТлар билан муҳокамасини ташкил қилмаган. Натижада ҳужжат парда ортидан қабул қилинган, бу Президентнинг 2018 йил 4 майдаги 5430-сонли қарорининг 6-бандига зид келади, дея қайд этади ННТ вакиллари.
21 ноябрь куни ЎзРННТМА ёзда “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги” биринчи Миллий форумида 328-сонли қарор юзасидан муҳокамалар ўтказилиб, унинг таъсирини ҳар томонлама ўрганиш бўйича қарор қабул қилинганини маълум қилди. Бироқ ЎзРННТМА бундай муҳокамаларда қайси ННТ ва қайси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этганига аниқлик киритмади.
Бундан олдин эса Адлия вазирлиги томонидан мурожаатга дастлабки жавоб эълон қилинган эди.
Мурожаат ташаббускорлари билан Адлия вазирлиги вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда вазир ўринбосари Музраф Икромов бундай учрашув анча олдин бўлиши кераклигини тан олди ва ташаббус гуруҳига мурожаатнинг долзарблиги учун миннатдорчилик билдирди, чунки илгари ҳеч ким муҳокама этилаётган қарор юзасидан вазирликка расман мурожаат қилмаган.
Музраф Икромов Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 858-сонли (“Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет эл фуқароларидан маблағлар ва мол-мулк олинишини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди), шунингдек у 328-сонли қарордан фарқ қилувчи жиҳатларини ҳам қайд этди.
Ташаббус гуруҳи аъзолари 328-сонли қарор билан ишлаш бўйича аниқ фактларга асосланиб, ННТларнинг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда дуч келаётган қийинчиликлари ҳақида гапирдилар.
Мурожаат ташаббускорлари айрим давлат органлари томонидан ушбу қарорни амалда нотўғри қўлланаётгани, ҳамкорлик доирасида ННТлар учун сунъий тўсиқлар яратилаётгани, натижада мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсадни ҳар доим ҳам амалга ошириш мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлашди.
Учрашув якунида томонлар ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг таклифларини инобатга олган ҳолда 328-сонли қарорни батафсил қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида ўзаро келишувга эришдилар. Қарорни қўллаш амалиётини янада ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур қарорга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш учун ЎзРННТМА ҳузурида Мурожаат муаллифларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шарҳлар