Ногиронлиги бор болаларнинг таҳқирланишига қарши қаратилган кампания бошланди

Бугун Zamin халқаро жамоат фонди ва ЮНИСЕФ ташкилоти “Ногиронлиги бор болалар учун инклюзияни таъминлаш” мавзусида юқори даражадаги халқаро форумни ўтказди. Тадбир ҳар йили 20 ноябрь куни нишонланадиган Жаҳон болалар кунига ва ЮНИСЕФнинг 75 йиллигига бағишланди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида маълум қилишди.

Форумда фонднинг васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева а ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хон ногиронлиги бор болаларни таҳқирлашни йўқ қилишга қаратилган умуммиллий кампания бошлангани ҳақида эълон қилишди. Улар ҳаммани – ногиронлиги бор кишиларнинг ташкилотларини, ҳукумат вакилларини, хусусий сектор ва ОАВдаги ҳамкорларни, ҳамжамиятлар етакчилари ва нуфузли шахсларни ҳеч ким четда қолмаслиги учун ЮНИСЕФ ва Zamin фондига қўшилишга чақиришди.

«Тўсиқлар» деб номланувчи ушбу кампания бир йил давом этади ва ногиронлиги бор кишиларнинг асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашга кўмаклашишга, уларга ушбу хизматлардан фойдаланишга халақит берувчи тўсиқлар ҳақидаги хабардорлигини оширишга қаратилади. Шунингдек кампания ногиронлиги бор болалар ҳимояланган бўлишини, улар ўзларини ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзолари сифатида ҳис қилишига йўналтирилган.

Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида Жаҳон болалар куни арафасида ЮНИСЕФнинг “Оламни мовий қил” глобал кампаниясига қўшилади. 19 ва 20 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудлардаги замонавий ва тарихий бинолар мамлакатдаги ва ундан ташқаридаги ҳар бир бола учун кўк чироқ билан ёритилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.