Ногиронлиги бор шахсларнинг репетитор харажатлари қоплаб берилади
Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. ногирон ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар, дастурлаш, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача (15 млн сўмгача) субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун исталган давлат хизматлари марказига мурожаат қилинади ёки ЯИДХП орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтилади.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
ўқиш харажатлари учун субсидия олишда:
ариза боланинг қонуний вакили томонидан берилса, унинг шахсий идентификация рақами ва боланинг қонуний вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;
нодавлат таълим ташкилоти томонидан ариза берувчини ўқитиш тўғрисида шартноманинг электрон нусхаси;
яшаш ва транспорт харажатлари учун субсидия олишда:
йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон нусхалари;
ижара шартномаси ва унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришноманинг электрон нусхаси.
Давлат хизмати бепул кўрсатилади. Ариза 3 иш кунида кўриб чиқилиб, субсидия ажратиш ҳақида электрон тизимга маълумот киритилади ва бу ҳақида ариза берувчига СМС-хабарнома юборилади. Нодавлат таълим ташкилоти жойлашган ҳудуддаги маҳалланинг ёшлар етакчиси зиммасига ариза берувчининг нодавлат таълим ташкилотида ўқишини жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиш вазифаси юклатилади.
Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида ариза берувчиларга оид маълумотлар сир сақланади.
Шарҳлар