Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лингвистик экспертизадан ўтказиладиган бўлди
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби белгиланди. Ҳукумат қарори билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, 2023 йил 1 январдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари вазирлик, идоралар билан келишишдан олдин лингвистик экспертизадан ўтказилади.
Лингвистик экспертиза лойиҳани ишлаб чиққан ташкилот раҳбарининг маслаҳатчиси томонидан қуйидаги талаблар асосида ўтказилади:
жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги, таърифларнинг аниқлиги;
имло, услубий, грамматик ва орфография қоидаларига мослиги;
янги атамалар, шунингдек, соҳа атамаларининг тўғри қўлланилганлиги;
сўз бирикмаларининг ўзаро тўғри боғланганлиги;
баённинг тизимлилиги ва ифодали кетма-кетлиги.
Маслаҳатчи ёхуд мутахассис 3 кун ёки шартномада белгиланган муддатда лингвистик экспертизадан ўтказиш натижаси бўйича аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсияларни кўрсатган ҳолда хулоса бериб, лойиҳани ишлаб чиқувчига тақдим этади.
Шунга кўра, лойиҳа матни қайта ишланиб, келишиш учун вазирлик ва идораларга юборилади.
Лойиҳада қуйидагиларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:
– оғзаки нутқ шакллари;
– давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар мавжуд бўлган тақдирда, чет тиллари атамалари;
– эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар;
– аббревиатура ва қисқартмалар (умумий қабул қилинган аббревиатура ва қисқартмалар бундан мустасно).
Шарҳлар