Норвегия ўз компанияларига Украинага қурол-яроғ сотишга рухсат берди
2024 йил 1 январдан Норвегия ўзининг мудофаа саноатидан Украинага тўғридан-тўғри қурол сотишга рухсат берди.
Россиянинг 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Норвегия аллақачон Украинага қурол-яроғ ва мудофаа маҳсулотларини ҳадя қилишга қарор қилганди. Ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйдега кўра, Россия уруши сабаб бўлган хавфсизлик шароитида Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниҳоятда муҳим, чунки бу Норвегия ва Европа хавфсизлигига таъсир қилади.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, қурол-яроғ сотиш қатъий равишда Норвегиянинг экспорт назорати тўғрисидаги қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ, жумладан, БМТнинг қурол савдоси шартномаси доирасида амалга оширилади. Қурол ва мудофаа маҳсулотларини экспорт қилмоқчи бўлган компаниялар Норвегия Ташқи ишлар вазирлигининг электрон лицензиялаш тизими орқали экспорт лицензиясини олишлари керак.
Ҳукуматнинг ушбу қарори, ташқи ишлар вазири таъкидлаганидек, Норвегия уруш ёки уруш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларга ёки фуқаролик уруши мавжуд бўлган мамлакатларга қурол ва ўқ-дориларни сотишга рухсат бермаслиги ҳақидаги 1959 йилги Стортинг принципиал қарорига асосланади. Бироқ, Украина атрофидаги фавқулодда хавфсизлик ҳисобга олинса, бу қарор амалдаги хавфсизлик сиёсати томонидан белгилаб қўйилган истисно ҳисобланади.
Шарҳлар