Новосибирскда мигрантлар оиласи тазйиқ сабаб кўчиб кетишга мажбур бўлди

Foto: novosbrisk

Новосибирск яқинидаги Светлий қишлоғида мигрантлар оиласи фарзандининг тазйиққа учраши ортидан нотўғри айбловларга дуч келганидан сўнг, бошқа жойга кўчиб кетишга мажбур бўлди.

Воқеа 12-сентябрь куни бошланиб, иккинчи синфда ўқийдиган мигрант бола бешинчи синф ўқувчилари томонидан ҳақоратланган. Шу сабаб унинг ота-онаси мактабга бориб, вазиятни аниқлашга ҳаракат қилишган. Кейинроқ, тазйиқ қилган ўқувчилардан бири ва унинг ота-онаси мигрант оилани фарзандларини ўғирлаш ва ўлдириш билан қўрқитишда айблашди.

Мигрант боланинг онаси Разиянинг сўзларига кўра, улар фарзандини мактабга олиб бораётганда унинг тазйиқчисини кўришган ва уни ҳам мактабга олиб кетишни таклиф қилишган. Бола аввалига қочишга уринган, лекин кейин ўзи машинага ўтирган ва улар мактабга бирга келишган.

Шунга қарамай, оила отаси боланинг ўғирланишида айбланиб, суриштирувга чақирилган. Тергов давомида отани бир неча кун давомида сўроқ қилишган, ҳаттоки иккинчи синф ўқувчиси ҳам тунда сўроққа чақирилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда, ота эса ўзини ҳимоя қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида Қирғизистонга кетган.

Мигрантлар оиласи мактабнинг бепарволиги ва бўҳтон сабаб судга мурожаат қилган. Оила ҳозирги вазиятдан чиқиш учун бошқа жойга кўчишга мажбур бўлди.

Ҳозирги пайтда воқеа ҳуқуқ ҳимоячиси Анна Тажеева томонидан эълон қилиниб, мактаб ўқитувчиларининг масъулиятсизлиги ҳақида сўров қўзғатилган. У конфликтни бошланғич босқичда ҳал қилиш мумкинлигини, лекин педагоглар етарлича чора кўрмаганлигини таъкидламоқда.

Тергов давом этмоқда ва ҳолатни аниқлаш учун қўшимча тадбирлар ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.