Нукусда газ портлаши оқибатида икки киши жабрланди

Источник: МЧС Узбекистана

29 январь куни соат 16:15 атрофида Нукус шаҳридаги “Темир йўл” маҳалласи, 22-микрорайон, 8/1-уй 4-қаватида жойлашган хонадонлардан бирида газ-ҳаво аралашмаси  чақнаши натижасида портлаш содир бўлган. Бу ҳақда ЎзА ёзади.

Натижада томнинг қисмлари 4-қаватдан 1-қаватга қулаб тушган. Икки киши, 2003 йилда туғилган С.Ш. ва 2004 йилда туғилган З.А. жароҳатланган. Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалига ётқизилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарига кўра, улар енгил тан жароҳатлари олган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг штаби тузилиб, унинг раҳбарлигида воқеа содир бўлган уйда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Бу уйда яшовчи қолган фуқаролар ҳам эвакуация қилиниб, вақтинчалик уй-жой ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тегишли идоралар томонидан бинонинг қулаган конструкцияларини тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Вазият Фавқулодда вазиятлар вазири томонидан назоратга олинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.