Нукусда қўлбола усулда тайёрланган «Қаратау» номли алкоголь маҳсулотлари айланмасига чек қўйилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, олдиндан кузатувга олинган фуқаро ўз автомашинасида “шартли харидор”га 120 шишада жами 60 литр “Қаратау” ёзувли қўлбола усулда тайёрланган ароқларни сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда бошқарманинг матбуот хизмати ёзмоқда.
Тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, ундан “ЯМА” сифатида фойдаланиб келинаётганлиги ҳамда 240 дона шишада жами 140 литр “Қаратау” ёзувли қўлбола усулда тайёрланган, қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган алкоголь маҳсулотлари сақланиб келинаётганлиги фош этилди.
«Ўтказилган ҳудди шундай яна бир тезкор тадбир давомида Нукус шаҳри ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Книнг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, гумон қилинганидек, ушбу хонадондан ҳам инсон ҳаёти учун хавфли бўлган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сақлашга ихтисослашган “ЯМА” сифатида фойдаланиб келинаётганлиги фош этилди», – дейилади хабарда.
Ушбу хонадонда 75,5 литр сифатсиз ароқ маҳсулоти сақланиб келинаётган бўлса, хонадон эгасининг шахсий автотранспорт воситасида эса ўз харидорларини заҳарлашга ошиқаётган 144 дона шишада 72 литр сифатсиз ароқ маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Юқорида аниқланган иккита ҳолатда жами 347,5 литр сифати кафолатланмаган, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган ва қалбаки акциз маркалари ёпиштирилган ароқ маҳсулотларининг ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар