Нурсултан Назарбаев ўз китобининг нусхасини Шавкат Мирзиёевга совға қилди
Қозоғистоннинг собиқ президенти “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли мемуарлар китобини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга совға қилди. Бу ҳақда ЎзА ёзади.
Китобда Нурсултон Назарбоев ўзининг ҳаётий йўли, мамлакатнинг шаклланиш ва ривожланиш даври тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашади. Республикага раҳбарлик қилган охирги ўн йилликлардаги воқеаларга баҳо беради.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон етакчиси, “атоқли сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёев”ни алоҳида қайд этади ва, ЎзАнинг қайд этишича, у томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолайди.
Китоб 1 декабрь куни чоп этилган бўлиб, 22 та бобдан иборат, уларнинг ҳар бири муаллифнинг ҳаётидаги алоҳида воқеага ёки унинг сиёсий карьерасига бағишланган.
Шарҳлар