Оҳангарон прокуратурасининг терговчиси пора олганликда гумон қилинмоқда
26 февраль куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Оҳангарон шаҳри прокуратураси терговчиси ва қоровули пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилган.
Шаҳар прокуратураси қоровули шу ерда ишловчи терговчининг иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида терговга жалб қилинган фуқарога ишни енгиллаштириб, ижобий ҳал қилиб беришини билдирган. Бунинг эвазига 9 минг долларни олган вақтида ушлангани айтилмоқда.
27 февраль куни шаҳар прокуратураси терговчисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш), қўриқлаш хизмати қоровулига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи шахслар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар