Президент саноат ва энергетика объектлари қурилишига старт берди
Президентнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида саноат ва энергетика лойиҳаларининг бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари сўзининг бошида барчани яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклаб, халқ манфаати йўлидаги ҳаракатларга хайр-барака тилади.
«Биз бу ишларни халқимизга муносиб турмуш шароити ҳамда саноатимиз ривожи учун узлуксиз энергия таъминотини яратиш мақсадида амалга ошираяпмиз. Бу ҳамма ҳудудларда яхши анъанага айланиб улгурди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ғаллаоролда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилиши, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқарилиши режа қилинган. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.
Шунингдек, Фориш туманида Хитойнинг “China Poly Group” ва “China Electric” компаниялари билан ҳамкорликда 350 миллион долларлик 500 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилади. Унда йилига 1,1 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ҳосил қилинади. Бу 450 минг хонадоннинг энергия таъминоти яхшиланишига хизмат қилади. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қувват шу йил якунида тармоққа уланади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур икки мажмуа қурилишини бошлаб берди.
Яқин йилларда Шароф Рашидов, Фориш ва Ғаллаорол туманларида яна 1 минг 660 мегаваттли иссиқлик, шамол ва қуёш электр станциялари ҳам қурилади.
Шарҳлар