Оҳангарондаги ҳомиладор аёлнинг вафот этиши юзасидан муносабат билдирилди

Фото: телеграм-канал Shopirlar

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида ҳомиладор аёл қорнидаги ҳомиласи билан вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ССВ расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, 2024 йилнинг 3-апрель куни соат 02:45 да 1992 йил Оҳангарон шаҳрида туғилган Х.А. қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига “Ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта туғуруқ 3. Туғуруқнинг 1 даври, латент фазаси. Семизлик 3 даража” ташхиси билан қабул қилинган. Бемор шифокорлар назорати остида бўлган.

Хабарга кўра, «2024 йил 4-апрель куни соат 14:10 да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган. Шундан сўнг зудлик билан реаниматолог иштирокида беморда зарур реанимацион чоралар амалга оширилган. Бироқ шунга қарамай, соат 14:35 да аёлда биологик ўлим ҳолати кузатилган».

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.