Оилавий тадбиркорлик имтиёзли кредитлар билан қўллаб-қувватланади
Ўзбекистон Президенти “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади.
Имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:
аҳоли ҳамда тадбиркорларга – 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача;
“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига – 3 йилгача ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун 18 ойгача ажратилади;
Кредитлар ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида ажратилади. Чорвачилик учун кредитлар камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади.
“Етакчи” тадбиркорларга деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.
2022 йил 1 мартдан кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилади.
Шарҳлар