ОИВ билан яшаётган одамлар вирусга қарши препаратлар билан бепул таъминланади

Источник: Anhor.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни фтизиатрия ва пульмонология соҳасини ривожлантириш, ОИТС касаллигининг олдини олиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. ОИВ инфекцияси билан яшаётган беморлар 22 турдаги вирусга қарши дорилар билан бепул таъминлади, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига туберкулёз билан касалланган беморларни дори воситалари билан бепул таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга давлат бюджетидан 40 миллиард сўм ажратилади.

Президент келгуси йилдан бошлаб “Ўпка саломатлиги” мобил бригадаларини ташкил этиб, чекка ҳудудларда болаларни скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича топшириқ берди. Туберкулёз инфекциясининг молекуляр-генетик диагностикасини, яширин инфекцияси бор беморларни аниқлаш ва профилактик даволаш қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокимларига ҳудудлардаги Фтизиатрия сиҳатгоҳларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, бактериология лабораторияларини ташкил этиш топширилди.

Ҳудудий ОИТС маркази ва туманлараро лабораторияларни таъмирлаш, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга масъуллар бириктирилди. Умуман, буларнинг барчасини инобатга олиб, фтизиатрия, пульмонология ва ОИТС йўналишларида дастурий қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.