Ҳокимлик давлат харидларида қонунбузилишига йўл қўйди

Навоий вилояти Ғазғон шаҳар ҳокимлигида 2024 йил давомида ўтказилган танлов (тендер) савдоларининг Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Ғазғон шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йил давомида Ғазғон шаҳар марказий кўчаларига камералар ўрнатиш учун зарур товарлар олиб бериш, шунингдек, “Ёшлар дафтарида”ги ёшларни иш билан таъминлаш учун маиший техника ва тикув машиналари харид қилиш мақсадида 4 та савдолар бўйича бошланғич нархи 514,0 млн сўмлик товар, иш ва хизматларни бажариш бўйича эълонлар жойлаштирилган.

Ўрганишлар давомида, мазкур амалга оширилган давлат харидларининг барчасида харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг таклиф ҳужжатлари баҳолаш мезонлари бўйича тўғри баҳоланмаганлиги аниқланди.

Ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги аломатлари юзасидан буюртмачи ташкилотга белгиланган тартибда иш қўзғатилди ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Шунингдек, масъулларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.