Ҳокимликлардан саноат зоналаридаги ерларни аукционга қўйиш ҳуқуқи олиб қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил қилиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Шу пайтгача саноат зоналаридаги ерлар аукционга ҳокимлик томонидан қўйилар эди. Энди инвестиция мажбуриятлари белгиланиб, мазкур зоналарнинг дирекциялари томонидан чиқарилади. Шунингдек, инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин, аукцион орқали олинган объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Давлатим раҳбари саноат зоналарида иш бошлашдаги бюрократияга алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борадаги тартибни соддалаштириш чоралари белгиланди. Унга кўра, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилади. Импортда имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади.
Самарқандда 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши айтилар экан, у ерда бизнес учун қулай шароитлар яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган лойиҳаларни шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айрим кичик саноат зоналарининг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани, яна баъзилари инфратузилма билан тўлиқ таъминланмагани сабабли тайёр лойиҳалар бошланмасдан турибди. Бундан ташқари, саноат зоналарида иш бошлаш учун беш босқичли жараёндан ўтиб, ўндан ортиқ ҳужжатлар йиғиш кераклиги тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.
Йиғилишда саноат зоналарида бўш турган 6 минг 600 гектар майдонни электр энергияси, сув, йўл ва бошқа шароитлар билан таъминлаш чоралари муҳокама қилинди. Бунинг учун 1 триллион 500 миллиард сўм ёки 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилиши белгиланди.
Президент кичик саноат зоналарида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган тадбиркорларнинг ер ва бино-иншоотлари билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш бўйича ҳам топшириқ берди.
Шарҳлар