Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилди
Давлат раҳбари олимпиадачилар билан учрашувда Ватанга муҳаббати, спортга фидойилиги ва улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилганини маълум қилди.
Президент Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт мактабларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Давлат раҳбари Оксана Чусовитина спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди.
Олимпиада совриндорларининг мураббийлари ҳам тақдирланади
Шавкат Мирзиёев спортчиларни муросасиз курашларга тайёрлашда мураббийларнинг хизматлари катта эканини алоҳида таъкидлади. Шу боис Олимпиада чемпионларининг мураббийлари 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг устозлари 20 минг АҚШ долларидан мукофотланиши айтилди.
Токио Олимпиадасида қатнашган ҳар бир спортчи 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Учрашувда фақат яккакурашлар билан чекланмасдан, жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш муҳимлиги таъкидланди.
Кейинги Олимпиада олдида турган бош мақсад – футбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, регби, волейбол каби спорт турларига чипталар олиш.
Президент туризм ва спорт вазирига жорий йил якунигача жисмоний тарбия ва спорт федерацияларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни топширди.
Кейинги Олимпиада бўйича режалар
«Бизда 100 дан ортиқ лицензияни ютиш ва Парижда бўлиб ўтадиган кейинги ёзги Олимпия ўйинларида энг кўп медаллар сони билан 15 та мамлакат сирасига кириш учун барча имкониятлар бор», – деди президент.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир ҳудудда Олимпия ўйинларига тайёргарликни ривожоантириш ва бир тизимга солиш зарур.
Давлат раҳбари спортчиларни (легионерларни) хориждан олиб келиш тажрибаси ўзини оқламаганини қайд этади. “Бундай амалиётдан аллақачон воз кечиб, маҳаллий спортчиларимизни тайёрлашга эътибор қаратиш лозим. Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ва спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак”.
Шарҳлар