Олий Мажлис депутати собиқ СССР мамлакатларини РФга қўшиш ҳақидаги таклифга муносабат билдирди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Иномжон Қудратов Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудини Россияга қўшиб олиш таклифига муносабат билдирди.
«Биз билан дўстлик ришталарини боғлаб, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келаётган Россия Федерациясидаги сиёсий партия – «Справедливая Россия – Патриоты – За правду»нинг ҳамраиси Захар Прилепиннинг урушни тарғиб қилишга қаратилган чиқиши қалбимизни ларзага солди. Кайковуснинг Қобуснома асарида “Ақлсиз дўст ақллик душмандин ёмонроқдур” деган нақл бор. Бу “дўст” дунёнинг кўпгина мамлакатларида нотинчлик юз бераётган, қонли можаролар авж олаётган, бунинг натижасида тинч аҳоли жабр кўраётган, уй-жойидан, мол-мулкидан айрилиб бошпанасиз, ҳимоясиз қолаётган айни замонда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчликка раҳна солиш ниятини билдирди.
Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон МУСТАҚИЛ, СУВЕРЕН ДАВЛАТ. Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди. Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир», – деди депутат.
“… Мамлакатимизда тинчлик-тотувлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, иқтисодимиз юксалаётгани, спортчиларимиз забт этаётган шоҳсупалар, эришаётган ютуқларимизнинг барча-барчаси мамлакатимиз қудратидан далолатдир”, – деб ёзади Қудратов
Шарҳлар