Олий суд раиси: Ўзбекистонда ҳақиқий айбдорларни жазолаш судяларда қатъият етишмайди
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов адвокатлар билан мулоқотда Ўзбекистонда фаолият юритувчи судяларда ҳақиқий айбдорларни жазолаш учун баъзан қатъият етишмаётганини айтди. Бу ҳақда Олий суд раиси билан мулоқотга киришган адвокатлар маълум қилди.
“Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бугун адвокатлар ҳамжамияти вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида икки марта «ҳақиқий айбдорни жазолаш учун судяларимизда қатъият етишмаяпти», – деди. Раис бу ҳақда биринчи марта адвокат сўровига жавоб бермаган ёки етарлича жавоб бермаётган мансабдор шахсларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-1-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш масаласи ҳақида гап кетганида гапирган бўлса, қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномалар судлар томонидан деярли ёппасига қаноатлантирилаётгани масаласи кўтарилганида ҳам шу гапни такрорлади”, дейилади бу ҳақда ёзган “Адвокат” журнали ва “Адвокат-Пресс” газетасининг Телеграм каналидаги хабарда.
Олий суд раисига кўра, кўпинча адвокат сўровига жавоб бермаган айбдор мансабдор шахс қолиб, иш юритувчи, ёрдамчи каби жавоб қайтаришга ваколатли бўлмаган ходимлар жавобгарликка тортилмоқда.
“Бу муаммодан хабаримиз бор. Шахсга доир маълумотларни баҳона қилиб, адвокатларнинг шикоятлари қабул қилинмаяпти ёки қабул қилинса ҳам кўп ҳолларда айбдор мансабдор шахс қолиб иш юритувчи, ёрдамчи каби адвокат сўровига жавоб қайтаришга ваколатли бўлмаган ходимлар жавобгарликка тортилмоқда. Ҳақиқий айбдорни жазолаш учун судяларимизда қатъият етишмаяпти”, деган Олий суд раиси.
Бахтиёр Исломов республикада судя кадрларга ўткир эҳтиёж йўқлигини, ҳар йили етарлича судя штатлари очилаётганини, бироқ уларнинг малакаси ҳали талаб даражасида эмаслигини тан олган
Шунингдек, тадбирда мамлакатда сўнгги йилларда малакали ва билимли адвокатлар сони сезиларли даражада ортганини, натижада жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқи муносиб таъминланаётгани алоҳида қайд этилган.
Шарҳлар