Олий ўқув юртлари, коллежлар ва лицейларда ўқиш босқичма-босқич бошланади

Источник: unsplash.com

Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, олий ўқув юртлари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқиш маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда 11 январдан босқичма-босқич бошланади. Аввалроқ, кутилаётган совуқ об-ҳаво муносабати билан барча таълим муассасаларида таътил 17 январга қадар узайтирилган эди, деб ёзади “Газета” нашри.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан ОТМ, техникум, коллеж, касб ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилди. Ушбу жараёнларни белгиланган тартибда амалга ошириш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида кечаю кундуз фаолият олиб борадиган, малакали мутахассислардан иборат штаб ташкил этилади.

Аномал совуқ бўлиши кутилаётган 10−18 январь кунларида барча таълим муассасаларида ҳар қандай мажлислар (жумладан, ZOOM шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишлар ўтказиш тақиқланади.

Шунингдек, таълим муассасалари биноларининг иссиқлик тизимларини барқарор ишлаши таъминланади. Таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга олади.

Ўқув жараёнларини ташкил этишда худуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилди.

Ўқув жараёнини ташкил этишда зарурият туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритиш рухсат берилади.

20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади. 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди.

Об-ҳаво шароитлари туфайли ўқишга келолмаган талабаларга ўқув жараёнларини бошлаш ҳамда назорат имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли масофавий дастурлар таклиф қилинади.

Андижон ва Хоразм вилоятларидаги таълим муассасаларида 11 январдан ўқув жараёнлари бошланиши маълум қилинди.

“Юксалиш” ҳаракати  мактабда ўқишни давом эттириш бўйича қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг раҳбари Бобур Бекмуродов ташкилотнинг мактабда ўқишни қайта тиклаш қарорини қайта кўриб чиқиш бўйича чақириғини эълон қилди.

“Биз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул бўлган ҳудудий бошқармаларни келгуси ҳафтадан бошлаб мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда таълим жараёнларини бошлаш масаласини қайта кўриб чиқишга чақирамиз”, — деб ёзади Бобур Бекмуродов.

“Биринчидан, ғайритабиий совуқ ва ёғингарчилик шароитида ўқувчиларнинг таълим муассасаларига бориши жуда қийин. Шуни ҳисобга олиш керакки, айрим қишлоқларда болалар мактабга бир неча километр пиёда боришга мажбур”, — деди у.

“Бундан ташқари, мурожаатларга кўра, бир қатор ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда иситиш тизимлари тўлиқ ишламаяпти”, — дея қўшимча қилди ҳаракат раҳбари.

“Ўқиш бошланишининг аниқ санасини белгилаш тўғрисидаги қарорни нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар, педагогик жамоа билан келишилган ҳолда ҳам қабул қилиш керак”, – дейди Бобур Бекмуродов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.