Олимлар чанг-қумли ғубор ҳақида: Чангда инсон соғлиғи учун хавфли бўлган оғир металлар, тузлар, пестицидлар йўқ
Ўзбекистонлик олимлар Тошкентда бўрондан кейин чўккан чанг таркибини ўрганиб чиқди. Тадқиқотни вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва ЎзР ФА Биоорганик кимё институти олимлари олиб борди. 5 ноябрь куни улар чанг таҳлили учун намуналарни “Беруний” (Олмазор тумани) ва “Академиклар шаҳарчаси” (Мирзо Улуғбек туманинин) метро бекатлари худудларидан олган. Чанг таркиби SmartSEM дастурий таъминот ёрдамида 100 мкм дан 1 мкм гача бўлган турли масштабларда олинган. Бу ҳақда “Спутник” нашри Инновацион ривожланиш вазирлигига таянган ҳолда хабар беради.
«Намуналар SEM – EVO MA 10 (Zeiss, Германия), Panalytical Empyrean рентген дифрактометри, Agilent 7890B газ хроматографи каби қурилмаларда таҳлил қилинди», — дейилади хабарда.
Натижалар чанг ҳажми 5 микронгача бўлиб, бу катталикдаги чанг зарралари анча зарарсиз эканини кўрсатган.
Таҳлил маълумотлари чанг таркибида туз ҳам меъёрда эканлигини кўрсатди. Чанг намуналарида рН ўлчови чанг эриганида ишқорий хусусиятларини кўрсатган. Намуналар таҳлили улар табиатига кўра стандарт чанг эканлигини аниқлаган.
Шунингдек, 5 ноябрдаги чанг намуналари 42 турдаги пестицидларга газ хроматографияси ёрдамида таҳлил қилинганда намуналарда пестицидлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудларида 4-5 ноябрь куни кучли чанг бўрони кузатилган эди. Ўзгидромет соат атмосферада чанг заррачалари миқдори белгиланганидан 30 бараваргача ошганини маълум қилган эди.
8 ноябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳавонинг чанг билан ифлосланиши пасайишда давом этмоқда.
Шарҳлар