Олимпия қўмитаси сузувчилар билан боғлиқ ҳолат муносабати билан Сузиш федерациясининг бош котибини четлатишни талаб қилмоқда
Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) Ўзбекистон сузиш федерациясининг (ЎСФ) бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинчалик лавозимидан четлатишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Спутник” нашри МОҚга таянган ҳолда ёзади.
Бундан ташқари, Олимпия қўмитаси Туризм вазирлиги, МОҚ, Спорт фахрийлари кенгаши ва ЎСФ мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўзбек сузувчиларининг Олимпиададан четлатилиши билан боғлиқ ишни текшириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилишни ҳам талаб қилаётир.
Аввалроқ Халқаро сузиш федерацияси (FINA) Ўзбекистонда ўтказилган очиқ лицензион чемпионатлар натижаларини тан олмаган эди. Бир нечта спортчи Тошкентда бўлиб ўтган саралаш турнирида алдов ишлатганликда гумон қилинган.
Ғаниевнинг сўзларига кўра, FINA бу борада Тошкентга бирор бир расмий хат жўнатмаган. Бу орада ЎСФ тақдим этилган ахборот борасида изоҳ беришини сўраб FINAга бир неча бор мурожаат қилган.
Ўзбекистон сузиш федерацияси FINA қарорига қарши апелляция тақдим этган, бироқ Спорт арбитраж суди (CAS) уни рад этган.
Натижада FINA фақат иккита ўзбек сузувчиси – Хуршиджон Турсуновга ва Наталья Критининага Universal Placе лойиҳаси асосида Олимпиадага лицензия берган.
«МОҚ ҳамда Ўзбекистон Спорт фахрийлари кенгаши олимпизм ва спорт тамойилларига, мусобақаларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ қилмайдиган белгиланган қоидалар ва нормаларнинг бузилишини қатъиян қоралашини ва барча федерациялардан ҳамда бошқа спорт ташкилотларидан барча нормалар ва талабларга, тасдиқланган қоидаларга амал қилинишини талаб қилишини расмий тарзда билдиради», — дейилади баёнотда.
МОҚ Ўзбекистон сузиш федерациясидан “ҳуқуқий баҳо бериш учун” Ўзбекистондаги лицензион очиқ чемпионатларни ўтказишдаги қоидабузарликлар билан боғлиқ материалларни сўраб FINAга мурожаат қилишини талаб қилди.
Шарҳлар