“Оловли ўчоқ”: 34,2 минг қути контрафакт тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди
Контрабанда мамлакат иқтисодиётга, тамаки маҳсулотларини солиққа тортиш тизимига жиддий зарар етказади, сигаретанинг ўртача нархини пасайтиради ва чекишни осон қилади. Бюджетга етказилган зарар эса соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни молиялаштиришни кесади.
Нима учун буларга нисбатан қонуний чоралар кўринмайди деган ҳақли савол ҳам туғилади. Буларни биров тирикчилик дейди, бошқаси эътибога арзимайдиган, кичкина муаммо дейя қарашади. Аслидачи? Мутахассислар фикрига кўра эса қонунчиликдаги айрим ҳужжатларга тезроқ ўзгартиришлар киритилиши керак, хозирча эса мавжуд қонунчилик доирасида курашиш даркор.
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир сўзларимизга бир манода исбот бўлади.
Жумладан, 2022 йил 30 март куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Зангиота тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, юкхонада хорижда ишлаб чиқарилган ва рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган, қиймати 63 млн. сўмлик 7 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.
2022 йил 20- ва 27-апрель кунлари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган, қиймати 82,1 млн сўмлик 8600 қути, яна бир шахс эса 61,3 млн. сўмлик 5600 қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинганлиги, Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати берган маълумотларда ўз аксини топган.
– “2022 йил 21 июль куни Тошкент вилояти божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда эса божхона ходимларини чалғитиш мақсадида қиймати 91 млн. сўмлик 4 турдаги 13 минг қути тамаки маҳсулотлари юк машинасидаги ёғоч эшик ромлари орасига моҳирлик билан яширилгани фош қилинди. Мазкур ҳолатларда қонунбузар шахслардан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини асосан “Milano”, “Esse”, “Mond” ва “Marlboro” номли сигаретлар ташкил қилмоқда”, – дейди Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев.
Шунингдек, тақдим этилган маълумотларга аҳамият қаратиладиган бўлса, 2022 йил 22 ноябрь ҳолатига кўра республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 314 та (2021 йилнинг шу даврида 128 та ҳолат) ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 19,2 млрд. сўмлик (2021 йилнинг шу даврида 17,5 млрд. сўм) 1 578 346 қути (2021 йилнинг шу даврида 1 449 305 қути) тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилганда, ушлаб қолинган тамаки маҳсулотлари 9 фоизга кўпайганлигини кўришимиз мумкин. Аниқланган ҳолатларининг 71 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Божхоначилар ҳаракати билан ноқонуний йўллар орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилаётган вақтда ушлаб қолинган 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари ўтказилган тадбирда йўқ қилинди. Берилган маълумотда эса, уларнинг қиймати салкам 300 млн. сўмни ташкил қилаётганлиги ҳам қайд этилди.
Жараёнда Давлат божхона қўмитаси ва Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг масъул раҳбар ва ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлими ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг тезкор тузилмалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда жорий йилда аниқланган 4 та ҳолатда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд ҳукмига кўра йўқ қилиниши белгиланган, қиймати 297,4 млн. сўмлик 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди.
Амалга оширилаётган ишлар билан тўлиқ танишиш мақсадида, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси давлат ижрочиси Ҳабибулло Манноповга юзландик.
– “Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан бир қатор суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳусусан, божхона органлари томонидан мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб ўтилган товарлар, ҳусусан, тамаки махсулотлари, суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида йўқ қилиниши белгиланган. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, нафақат Тошкентда, балки бошқа вилоятларда ҳам шу тартибдаги сай-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Пировардида эса, қўштирноқ ичидаги айрим тадбиркорлар келгусида бундай ноқонуний ҳаракатларни содир қилмаслиги назарда тутилган.”
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги 200-сонли “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
Бобур Каримов
Шарҳлар