“Олти ойга 7 ёки 12 триллион фоизсиз кредит”, “контрактация тугаган”, “171 минг 200 дан ортиқ шартномалар”, UzAuto Motors 2024 йилга қанча автомобил ишлаб чиқаришни режа қилганди?
Chevrolet Cobalt, Damas ва Labo автомобилларининг 2024 йилдаги ички бозорга йўналтирилган ҳажми учун шартномалар тузиб бўлинди, – деб ёзмоқда UzAuto Motors матбуот хизмати.
Бироқ, қайси автомобил учун мижозлар томонидан қанча хажмда (рақамларда қайд этилмаган) аниқ кўрсатилмаган. Chevrolet Cobalt автомобили учун ҳам фақат фоизда маълумот берилган.
“Chevrolet Cobalt автомобилларининг 2024-йилдаги бутун ҳажми учун шартномалар тузил”ганлигини иддао қилаётган компания ушбу йил учун ўзи нечта ишлаб чиқариш режа қилинганини очиқламаган ҳам.
Ушбу хабарга телеграмдаги “Kurbanoff.net” канали маъмури, Шухрат Қурбонов қуйидагича муносабат билдирган.
“Қарийб 7 триллион сўм миқдорида камида олти ой муддатга фоизсиз кредит. Ажойиб!”.
Бироз муддат ўтгач хабарини таҳрирлаган муаллиф шундай демоқда:
“Упд: Бу деярли 12 триллион сўм бўлиб чиқди”.
Нашримиз бунга аниқлик киритиш мақсадида UzAuto Motors сайти ва саҳифаларини кўздан кечирди. Лекин, сайтда на автомобиллар, на уларнинг қанча ҳажмда ишлаб чиқарилиши режа қилингани бўйича маълумот топишнинг имкони бўлмади.
Компаниянинг сайтида кўрсатиб ўтилган CALL-марказининг +99878 141-77-77 рақами билан боғланиш имконсиз. 3 маротабадан ортиқ қўнғироқ қилишга бўлган ҳаракатларимиз самарасиз бўлди. Биз фақатгина роботнинг “Кечирасиз, линия банд. Илтимос кейинроқ қўнғироқ қилинг” деган сўзини эшитдик, уёғига ўтишнинг иложи бўлмади.
Шунингдек, раҳбарият бўлимидаги +998 71-140-55-40 рақамларига қўнғироқ қилганимизда “Сиз нотўғри рақам тердингиз” деган хабар.
UzAuto Motors сайтида эса компаниянинг “Матбуот маркази” бўлими бор, бироқ у ерда матбуот маркази билан боғланиш имкониятини тақдим этувчи телефон рақамлари мавжуд эмас. Амалга оширилаётган лойиҳалар янгиликлари, фото ва видео маҳсулотларни томоша қила олсасиз ҳолос.
UzAuto Motors берган маълумотларга кўра, «25−27 декабрь кунлари амалга оширилган оммабоп автомобиллар контрактацияси даврида UzAutoSavdo платформасидан фойдаланган ҳолда жами 171 минг 200 дан ортиқ шартномалар муваффақиятли тузилган. UzAutoSavdo онлайн савдо тизимида 7000 киберҳужум кузатилган. Умуман олганда, тизимда ушбу вақт оралиғида 3 млн.дан ортиқ фаол сеанслар қайд этилган», – деб ёзади компания.
26 декабрь кунги амалга оширилган котрактация жараёнларидан кейин, UzAuto Motors ўз саҳифаларида “Chevrolet Cobalt, Дамас ва Лабо автомобиллари учун жами 98.3 мингдан ортиқ шартномалар тузилди. Уларнинг 95 фоизи ChevroletCobalt автомобилига тузилган. Chevrolet Cobalt автомобилларининг контрактацияда мавжуд бутун ҳажми учун шартномалар тузилганлигини маълум қиламиз”, – дея ахборот берган.
Anhor.uz UzAuto Motors компаниясидан аниқ рақамлар ва ишлаб чиқариш режаси бўйича расмий муносабат кутиб қолади.
Шарҳлар