Қўқон ИИБда бош суяк мияси жароҳатланган ўсмир бола вафот этди

Источник: Яндекс Карты

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ички ишлар бўлимларидан бирида 15 ёшли ўсмир бошидан жароҳат олиб вафот этди. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган ушбу ҳолат ҳақидаги хабарни вилоят прокуратураси ҳам тасдиқлади. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.

Маълумотларга кўра, 16 октябрь куни Учкўприк туманида яшовчи 15 ёшли ўсмир Бувайда тумани Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган «Ансор» савдо марказига кириб ўғирлик қилмоқчи бўлган. Ўсмир қўлга олиниб, Бувайда ИИБ бошлиғининг буйруғи билан Қўқон шаҳар ИИБга олиб кетилган. Бу ерда у Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига жойлаштирилган.

Эртаси куни ўсмирнинг соғлиғи ёмонлашган, у ҳушини йўқотган. Чақирув бўйича етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари уни касалхонага ётқизишга қарор қилишган, бироқ йигит касалхонага олиб кетилаётган йўлда вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, ўлимга бош суягининг ёпиқ шикастланиши, қон қуйилиши ва бош мия чайқалиши сабаб бўлган.

18 октябрь куни Қўқон прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (“Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган баданга оғир шикаст етказиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутади.

Дастлабки тергов давомида жиноятга бевосита алоқадор бўлган икки нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Улар ИИБ ходимими ёки йўқми, маълум қилинмаган.

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ҳузуридаги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимларига нисбатан хизмат текшируви белгиланди.

Октябрь ойи охирида Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро алимент тўлашдан қасддан бўйин товлагани учун 15 сутка махсус ҳибсхонада ўтирган вақтида бошидан жароҳат олгани ва бунинг оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Самарқанд шаҳар ИИБ маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс руҳий касалликка чалинган. Эркакда тутқаноқ содир бўлган, у ҳушини йўқотди ва бошини девор бурчагига урган. У касалхонага ётқизилган, аммо уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.