Қон топширадиган донорларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилмоқда
2023 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистонда “Фахрий донор” белгиси эгалари учун бир марталик пул мукофоти миқдори 5 БҲМдан 15 БҲМгача оширилади. Бу ҳақда “Фергана” нашри мамлакат президентининг қарорига таяниб ёзади.
1 июндан бошлаб 1 БҲМ 300 минг сўмни ташкил этади. Шундай қилиб, мукофот миқдори 1,5 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга ошади.
Фахрий донорлар учун янги имтиёзлар жорий этилди:
– улар ўзлари учун қулай вақтда йиллик меҳнат таътилига чиқиши мумкин;
– уларга шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланишга рухсат берилди;
– давлат санаторийларига даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олади.
Йилига камида уч марта қон топширган донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари стационар даволаниш вақтида қон ва унинг таркибий қисмларини бепул тақдим этилади.
Шунингдек, фармонда донорлар учун бепул овқатланишни ташкил этиш харажатлари энг кам ойлик иш ҳақининг 3 фоизи миқдорида белгиланиши ва бутун мамлакат бўйлаб ягона бўлиши қайд этилган. Эндиликда битта “энг кам иш ҳақи” миқдори 920 минг сўмни ташкил этади, яъни донор киши бошига камида 27,6 минг сўм миқдорида бепул тушлик билан таъминланиши керак.
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлган ва тиббий кўрик натижаларига кўра донорлик қилишга яроқли деб топилган ҳар қандай шахс донор бўлиши мумкин. Қонни йилига кўпи билан тўрт марта топшириш мумкин. Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам ва текин топширган донор “Ўзбекистон Республикаси Фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланади ва бир марталик пул мукофотини олади.
Шарҳлар