Муқаддам судланган «сохта оператор» яна жиноятга қўл урди
Самарқанд вилояти, Ургут туманида яшовчи (аёл) А.Ш. ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг номига номаълум сабабларга кўра 28 млн. сўм онлайн кредит расмийлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасига кўра, мазкур жиноятни Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи муқаддам 8 марта судланган 26 ёшли К.Д. содир этганлиги аниқланган.
«К.Д., жабрланувчи А.Ш.га ўзини банк ходими сифатида таништириб, унга онлайн кредит расмийлаштиришда ёрдам бераман дея, сохта ҳавола ёрдамида унинг “ТБС банк” иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб, рўйхатдан ўтган ва 28 млн. сўм онлайн кредит расмийлаштириб, ўша вақтнинг ўзида пулларни ўзининг банк картасига ўтказиб олган», – дейлади хабарда.
Бундан ташқари, К.Д. асосан телеграм мессенжеридаги “TBC BANK”, “AGROBANK 24/7”, “Nikain_tm” номли телеграм профилларидан фуқароларга хабар ёзиб ҳамда қўнғироқ қилиб ўзини “Музаффар” ҳамда “Жамшидбек” деб таништирганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан К.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б,г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б,г» бандларидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар