Қонунчилик палатаси Қирғизистон билан чегара бўйича келишувни маъқуллади

Источник: Законодательная палата

Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкалари, жумладан, Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш тўғрисидаги келишувни маъқуллади. Бу ҳақда Kloop Ўзбекистон парламенти матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

“Сўнгги йилларда яқин қўшниларимиз билан жуда самимий мулоқот ўрнатилди. Бу, ўз навбатида, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда”, — дейилади парламент баёнотида.

Битимни маъқуллаб уч ўқишда 119 нафар депутат овоз берди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, бу музокаралар “осон ўтмаган” ва умуман олганда, чегара масалаларини келишиш учун 5 йил вақт сарфланган.

Ўзбекистон парламенти п Қонунчилик (қуйи) палатаси ва Сенатдан (юқори палата) иборат. Ўзбекистон Конституциясига кўра, ҳар икки палатада кўриб чиқиладиган масалалар қаторига халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва денонсация қилиш киради. Аввал бу масалалар Қонунчилик палатасида, кейин эса Сенатда кўриб чиқилади.

Қирғизистон парламентининг профилли қўмитаси чегара келишувини 15 ноябрь куни кўриб чиқади.

Кампиробод бўйича баҳслар

“Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома” лойиҳасига кўра, Қирғизистон Ўзбекистонга Кампиробод сув омбори остидан 4485 гектар ер беради ва бунинг эвазига бир қанча вилоятлардан 19 минг гектардан ортиқ ерни олади. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев бу келишув мамлакат учун фойдали эканини таъкидламоқда.

Бироқ маҳаллий аҳоли, қатор фаоллар ва сиёсатчилар бунга қарши. Айрим маҳаллий аҳоли, агар Кампиробод Ўзбекистонга ўтиб кетса, қирғизистонликларга сув омборига кириш имкони қолмайди, фуқаролар эса унинг остидаги унумдор ерлардан фойдалана олмайди, деган хавотирда.

Шартномани ратификация қилиш муҳокамаси ва жараёни жанжаллар билан кечмоқда – аввалроқ депутатлар ўз ҳамкасблари Чингиз Айдарбековни Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раҳбари лавозимидан четлатган эди. У келишув лойиҳасига қарши чиқди ва қўмита қарорини имзолашдан бош тортди, буни парламент аъзоларида барча ҳужжатлар йўқлиги билан изоҳлади.

Умуман олганда, муҳокама қилинган ҳужжатлар сув омбори жойлашган Ўш вилоятида ҳам, мамлакатнинг икки йирик шаҳри – Бишкек ва Ўшда ҳам бир қанча митинг ва қурултойларга сабаб бўлди.

Расмийлар шунингдек, 30 га яқин одамни тартибсизликларни уюштирганликда айблаб ҳибсга олди. Уларнинг барчаси Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиевни сув омборини қўшниларига ўтказиб берганини танқид қилишганди.

Жапаров сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишини изоҳлар экан, ҳибсга олинганларни Кампиробод масаласи “ташвишга солмаётганини” айтди. Президентнинг фикрича, улар ҳокимиятга кириш учун сув омбори мавзусини баҳона қилишмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.