Bo'limsiz

Қорабоғда Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон Республикаси президентининг Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида икки давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга Фузулий ва Шуша шаҳарларига ташриф буюрди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

«Ўтган қарийб 30 йилда Фузулий буткул вайрон бўлиб, “арвоҳ шаҳар”га айланган эди. Ҳарбий ҳаракатларга қадар бу ерда 18 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган. 2020 йилда қайта тиклаш ишлари бошлангач, шаҳарга аста-секин ҳаёт қайтмоқда. Уй-жойлар қурилиб, ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси бунёд этилмоқда», – дейилади хабарда.

Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Ўзбекистон президенти ташаббусининг амалий ифодаси бўлди, дейилади хабарда.

Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.

Икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очдилар.

Президентлар ўқув бинолари ва мактаб ҳудуди билан танишиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашдилар, уларга ўқишда муваффақият тиладилар.

Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Илҳом Алиев бу “Қорабоғнинг тикланишида хорижий давлатнинг биринчи совғаси ва биз бу биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ишорасини юксак қадрлаймиз”, дея таъкидлади.

Trend нашрининг хабар беришича, мактаб Ўзбекистон бюджети ҳисобидан қурилган. Бу Ўзбекистонда “президент мактаби” номи билан машҳур бўлган янги турдаги мактабдир. Қурилишда Enter Engineering компанияси иштирок этган.

Қайд этамиз, Фузулий шаҳри биринчи Тоғли Қорабоғ урушида буткул вайрон қилинган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.