Оролбўйида қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа ишга туширилмоқда
7 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (ИТКҚВ) ҳамда Ислом тараққиёт банки (ИТБ)нинг Оролбўйи минтақасидаги инфратузилмани бошқариш бўйича қишлоқ аҳолининг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган янги қўшма ташаббусига старт берилди. БМТТДнинг ушбу лойиҳаси Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва ОПEК(ОПEC Фунд) халқаро ривожланиш фонди томонидан молиялаштириладиган Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш бўйича янада кенгроқ инвестиция лойиҳасининг бир қисмидир. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.
Янги лойиҳанинг умумий мақсади мақбул яшил ва энергия тежамкор ҳамда рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ҳамжамиятларни, архитекторлар, муҳандислар, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг имкониятларини кенгайтириш ва салоҳиятларини кучайтиришдан иборат. Хусусан, лойиҳа мақсадли ҳамжамиятларнинг маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари ва талабларини аниқлаш, шунингдек, чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш бўйича салоҳиятини кучайтириши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида, шунингдек, иқтисодий, операцион ва экологик барқарорликка қаратилган барқарор ривожланиш жиҳатларига жавоб берадиган такомиллаштирилган муҳандислик лойиҳалари ва бош режаларни ишлаб чиқиш учун маҳаллий архитектуравий лойиҳалаш институтлари ва ҳудудий архитектура ва қурилиш бошқармалари вакилларини ўқитиш режалаштирилган. Бундан ташқари, лойиҳа рақамлаштириш, инноватсион АТ-ечимларини, шу жумладан рақамли инфратузилма ва қурилиш, архитектуравий лойиҳалаш ва давлат хизматларини тақдим этиш соҳалари салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қиладиган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш орқали, маҳаллий бошқарув механизмини кучайтириш ҳамда қишлоқ жойларини ривожлантириш дастурлари ва ташаббусларини режалаштириш ва амалга оширишда жамоатчилик иштирокини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўзда тутади.
Нима учун айнан Оролбўйи минтақаси?
Оролбўйи минтақаси Орол денгизи қуриши ва иқлим ўзгариши оқибатидаги салбий таъсирни ўзида ҳис этган энг заиф минтақа бўлиб, бу Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасига таъсир этувчи қатор ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни келтириб чиқарди. Иқлим ўзгариши Орол денгизи фожеасидан жабр кўрган ҳудудларда инсон тараққиётига қўшимча ва тобора ортиб бораётган муаммоларни келтириб чиқармоқда, бу ерда даромадларнинг пастлиги, ер ва сув ресурсларининг шўрланишининг кучайиши, озиқ-овқат хавфсизлигининг мавжуд эмаслиги, чанг бўронлари таъсири, ичимлик суви сифати ва маҳаллий аҳоли саломатлигининг ёмонлашуви кўпчиликни оғир ҳаёт шароитларига чидашга ёки минтақани тарк этишга мажбур қилмоқда.
БМТТДнинг янги лойиҳаси айнан Оролбўйи ҳудудига кирувчи вилоятларни, жумладан, экологик инқирозга кўпроқ мойил бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларини қамраб олади.
Умуман олганда, БМТТД томонидан амалга ошириладиган янги лойиҳа ҳамжамиятларга қурилиш ва инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш учун асос бўладиган жамоаларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш орқали ривожланиш, эҳтиёжлар устуворлигини белгилаш имконини беради. Шунингдек, қурилиш ва архитектуравий режалаштиришда яшил ва инноватсион технологияларни жорий этиш янги замонавий талабларга жавоб берадиган ва айни пайтда энергиядан оқилона фойдаланиш имконини берувчи инфратузилма объектларини қуриш имконини беради. Сув ва энергия тежамкор, янги қишлоқ хўжалиги технологиялари, паст ГИП (глобал исиш потенциали)га эга бўлган озон учун хавфсиз технологияларни турли соҳаларда/турли мақсадлар учун мувозанатга риоя қилган ҳолда татбиқ этиш бўйича ишлар амалга оширилади.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска таъкидлаганидек: «Ушбу лойиҳа Оролбўйи аҳолисининг турмуш фаолиятини яхшилаш ва қишлоқ аҳолиси учун ресурслар ва хизматлардан муносиб фойдаланишни таъминлашга қаратилган аниқ қарорларни амалга ошириш борасида ҳукумат, Ислом тараққиёт банки ва БМТТД саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун ажойиб имконият бўлади».
Шарҳлар