Осиё тараққиёт банки ва Саноат Қурилиш банк ўртасида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз имзоланди
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Саноатқурилишбанк Ўзбекистонда давлат банкларини хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида шакли ўзгартирилиши мумкин бўлган биринчи навбатда қаноатлантириладиган қарз имзоладилар. Ушбу қарз банк секторини мустаҳкамлашга ва иқтисодий ривожланишга ёрдам беришга қаратилган. Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) параллел кредиторлар сифатида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Anhor.uzга Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий миссияси хабар қилмоқда.
Қарз маблағлари Саноатқурилишбанкга етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган микро, кичик ва ўрта корхоналарни (МКЎК), шу жумладан, аёлларга тегишли бўлган ва раҳбарлик қилинадиган корхоналарни (МКЎКА) молиялаштиришни кенгайтиришга кўмаклашиш учун ишлатилади. Портфелни диверсификация қилиш Саноатқурилишбанкни мижозларнинг кенг қатламига хизмат кўрсатувчи тўлиқ универсал тижорат банкига айлантиришга ёрдам беради. ОТБ, шунингдек, Саноатқурилишбанкнинг трансформация бўйича йўл харитасини амалга оширишда ёрдам бериш учун техник кўмак тақдим этади.
“ОТБ Ўзбекистон Ҳукуматини унинг динамик ва инклюзив бозор иқтисодиётига ўтиши ва банк сектори ислоҳотларини амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Мазкур лойиҳа мамлакат банк тизимининг стабиллигини, капиталлашув ва депозитлар даражасини қўллаб-қувватлайди ва шу билан бирга барқарорликни ошириш ва иқлим лойиҳалари ҳамда етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган МКЎКларни кредитлаш имконини беради”, – деди ОТБнинг Хусусий сектор операциялари департаменти Бош директори Сюзан Габури. «Ушбу лойиҳа шунга ўхшаш ислоҳотларни амалга оширмоқчи бўлган минтақадаги бошқа мамлакатлар учун кучли иқтисодий асослантирув бўлиб хизмат қилади», – дейилади хабарда.
2017-йилда Ўзбекистон Ҳукумати бозор ислоҳотларининг улкан дастурини, жумладан, 100 дан ортиқ давлат банкларини хусусийлаштиришни бошлади. 2020-йилда Ҳукуматнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида банк секторининг йўналишлари ва вазифалари белгилаб берилди ҳамда олтита йирик давлат банкларини хусусийлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди. ОТБ, бошқа кўп томонлама ривожланиш банклари сингари, банк секторини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнини қўллаб-қувватлайди.
«МКЎК ўз ривожланиши учун тижорат маблағларини олиш учун курашишни давом этмоқда ва бунда аёлларга тегишли бўлган корхоналар энг кўп кийинчиликга дуч келмоқда. ОТБ Ўзбекистонда МКЎКнинг бозорларга киришини осонлаштириш учун қулай муҳит яратишни қўллаб-қувватламоқда ва МКЎКни молиялаштиришдаги тақчилликни бартараф этиш учун зарур бўлган маблағларни тақдим этади», – деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси Директори Канокпан Лао-Арая. «ОТБнинг SQB билан ҳамкорлиги мана шу икки мақсадга асосланади».
МКЎК рўйхатга олинган корхоналарнинг аксарият қисмини ташкил этиб, ишчи кучининг 74 фоизини иш билан таъминлайди ва Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Бироқ, молиялаштиришдан фойдаланиш муаммолигича қолмоқда: секторнинг атиги 13 фоизи тижорат кредитларидан фойдаланиш имкониятига эга. Аёллар томонидан бошқариладиган корхоналар 2,7 млрд АҚШ доллари миқдорида баҳоланган каттароқ молиялаштириш тақчиллигига дуч келмоқда ва аёлларга тегишли корхоналарга берилган кредитлар банк кредитларининг атиги 2,5 фоизини ташкил қилади.
“ОТБнинг кўмаги Саноатқурилишбанк учун инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва Саноатқурилишбанкнинг экологик, ижтимоий ва бошқарув амалиётини ҳамда рақамлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш учун муҳим вақтда тақдим этилмоқда. ОТБнинг ушбу соҳаларда кўрсатаётган ёрдами биз учун жуда муҳим”, – деди Саноатқурилишбанк Бошқаруви Раиси Азиз Акбаржонов.
Саноатқурилишбанк 1922-йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистондаги энг қадимий банклардан биридир ва иккинчи йирик давлат банкидир. Саноатқурилишбанк мамлакатимиздаги энг кенг филиал тармоқларидан бирига эга бўлган банк бозоридаги энг кучли бренд ва етакчилардан бири ҳисобланади.
ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.
Шарҳлар