Отабек Махмудов: замонавий қурилишда қадимий технологиялар

Фото: Rammed Earth House

Anhor.uz ўз ўқувчиларни сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган ME’MOR//2023 архитектура кўрик-танлови ғолибларининг ишлари билан таништиради. Мукофот Ўзбекистонда сўнгги йилдаги энг яхши меъморий, дизайнерлик, шаҳарсозлик ва журналистик ишларни қайд этди. КНАУФ компанияси учинчи бор танлов ташкилотчиси ва ташаббускори сифатида чиқди, у  ME’MOR номини танлов номи сифатида рўйхатдан ўтказди.

Лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот олиш учун Anhor.uz ME’MOR//2023 нинг ғолиби бўлган “Rammed Earth House” лойиҳасининг раҳбари билан боғланди.

Фотосурат: Rammed Earth House

Экологиклик, энергия самарадорлик ва хавфсизлик

“Rammed Earth House” лойиҳаси “Тураржой бинолари, якка тураржой бинолари” номинациясида ғолиб бўлди. Ҳайъат лойиҳа технологиясининг ноёблигига урғу бериб, асосий қурилиш материали сифатида оддий лойдан фойдаланилганини таъкидлади. Лойиҳа жамоаси эрамиздан олдинги XXIV-XXI асрларга бориб тақаладиган қадимий Бобил қурилишидан мисол сифатида фойдаланган.

«Биз бу мисол билан қурилишда, шу жумладан маҳобатли шаҳарларни қуришда қадимги меъморлар томонидан лой қандай фойдаланилганини намойиш этишни истадик”, – дейди ғолиб лойиҳанинг раҳбари архитектор Отабек Махмудов. 

Лойиҳада “Rammed Earth House” технологиясидан фойдаланилган, бунда ер деворлари танлаб олинган тўлдирувчилар аралашмасини, жумладан, шағал, қум, балчиқ ва лойларни зичлаш орқали қурилади. Барқарорлаштирилган зичланган аралашмага мустаҳкамлик ва узоқ муддатлиликни ошириш учун оз миқдорда цемент (одатда 5-10%) қўшилади.

Зичланган аралашма сиқилишга жуда чидамли ва кўп қаватли таянч конструкцияларни қуриш учун ишлатилиши мумкин. Бу материал юқори иссиқлик сиғимига эга оғир терилган тошга ўхшаб харакат қилади, иссиқликни ютади ёки материал орқали иссиқлик ўтишини “секинлаштиради”, сўнгра атроф-муҳит ҳарорати пасайиши билан бу иссиқликни чиқаради. Шу тариқа иншоот энергия самарадор ҳисобланади – совуқ пайтда иссиқликни сақлаб қолади, иссиқ пайтда салқинликни сақлайди.

Тўғри фойдаланилганда ва мос иқлим шароитида зичланган ернинг иссиқлик сиғими бинонинг ташқи девор конструкцияларидаги иссиқлик оқимини 10-12 соатга тўхтата олади ва ҳар куниги ҳарорат тебранишини текислайди.

Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра “Rammed Earth House” технологиясидан фойдаланиб қурилган бинолар зилзилага чидамлидир. Зичланган ер деворларида бирор куйдирувчи компонентлар мавжуд эмас, шу боис у ёнғинга ҳам чидамли.

Меъморнинг фикрига кўра “Rammed Earth House” концепцияси экологик қурилишга тааллуқли бўлиб, кейинги йилларда кенгроқ қўлланиши мумкин.

Фотосурат: Rammed Earth House

Орзу

“Икки йил аввал талаба эканлигимизда, жамоамиз билан ME’MOR//2021 мукофотларининг ғолибларини томоша қилардик ва бу обрўли мусобақанинг иштирокчиси бўлишни орзу қилардик. Танлов ташкилотчиси бўлган КНАУФ компанияси сифат, экологиклик, энергия самарадорлик ва хавфсизлик каби юксак мезонларга жавоб берадиган қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга улгурди, биз ҳам ўз лойиҳамизни ишлаб чиқишда шу йўналишларни асос қилиб олдик”, – дейди Отабек Махмудов. 

Жамоа бир неча ой давомида халқаро амалиётни ўрганиб, таҳлил қилди ва Ўзбекистондаги мавжуд лойиҳалардан фарқ қиладиган ноёб лойиҳани яратишга ҳаракат қилди.

“Мен бундай мусобақалар ёш меъморларга фантазияни намоён этиш имкониятини беради деб ҳисоблайман, бу ижод эркинлигини беради, ёш мутахассислар нималарга қодир эканини намойиш этади, бу эса жуда зўр!”, – дейди Отабек Махмудов.

Фотосурат: Rammed Earth House

Замонавий тенденциялар

“Rammed Earth House” лойиҳаси муаллифлар гуруҳининг фикрига кўра, архитектура санъати Ўзбекистоннинг экологик барқарор тараққиётида катта ўрин тутади. Жадал урбанизация энергия истеъмолининг изчил ўсишига олиб келмоқда, бу эса энергия ресурсларининг тугашини келтириб чиқариш билан бирга, энергияни тежаш, унинг турли кўринишларидан минимал йўқотишлар билан фойдаланишни  биринчи ўринга чиқармоқда. Архитектура учун эса бу муаммо бинолар ва конструкцияларни иссиқлик энергиясини сақлаб қолиш ва табиий ёритишдан самарали фойдаланиш орқали электр энергиясини тежаш вазифасига айланди. Энергия самарали бинолар сонининг кўпайиши атроф-муҳитга ижобий таъсир қилади, чунки бундай бинолар атроф-муҳит билан уйғун ҳолда яшайди, уни бузмайди ва ифлосламайди.

Меъмор ҳар доим ноёб, оддий нарсалар яратишни маслаҳат беради ва албатта лойиҳага киришишдан олдин тадқиқот ўтказиш зарурлигини таъкидлайди. “Муҳими, ғоялардан оқилона ва тўғри фойдаланиш, архитектуранинг уч қонунини – мустаҳкамлик, фойдалилик ва гўзалликни унутмаслик керак, бунда биринчи икки жиҳат асосий ролни ўйнайди”, – дейди Отабек Махмудов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.