ОТБ автомагистрал йўлларни реконструкция қилиш учун Ўзбекистонга 270 млн доллардан ортиқ маблағ ажратди
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги минтақавий алоқалар учун муҳим бўлган миллий йўлларни реконструкция қилиш ва модернизация қилиш учун 273,85 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Банк Матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади UzNews нашри.
«Қўшни давлатлар билан савдо ва транспортни осонлаштирадиган ишончли йўл тармоқлари денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакат сифатида Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишида муҳим аҳамият касб этади. ОТБ лойиҳаси Сурхондарё вилоятидаги Дербент ва Денов ўртасидаги 106 километрга яқин давлат йўлини янгилайди ва Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу (А380) автомобиль йўлининг қарийб 87 километрини реконструкция қилиш имкониятини беради. А380 автомагистрали Афғонистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни боғловчи Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) 2-коридорининг бир қисмидир», – дейилади хабарда.
Лойиҳа кам техник хизмат кўрсатилган бетон қопламали йўлларни кенгайтиради ва уларнинг ҳолатини яхшилайди, саёҳат вақтини ва транспорт воситаларини ишлатиш харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Автотранспорт воситаларининг ортиқча юкланишининг ва шикастланишининг олдини олиш учун Дербент ва Денов яқинида иккита ҳаракатда тортиш тизими ўрнатилади.
«Лойиҳа молиявий саводхонлик, онлайн маркетинг ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўникмаларни ўргатиш орқали лойиҳа жамоаларидаги тадбиркор аёлларнинг COVID-19 пандемиясининг салбий таъсиридан иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлаш учун $150 минг миқдоридаги техник ёрдам грантини ўз ичига олади», – дейилади ОТБ хабарида.
Шарҳлар