ОТБ Ўзбекистонда перинатал хизматларни яхшилашга ёрдам беради
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда перинатал соғлиқни сақлаш хизматларини яхшилаш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар беради.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков шундай дейди: “ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва неонатал ўлимни камайтириш учун юқори сифатли перинатал тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича мажбуриятини қўллаб-қувватлайди”.
Ўзбекистонда оналар ўлими даражаси 2010 йилда ҳар 100 000 тирик туғилган чақалоққа 38 тадан 2020 йилда 30 тага камайган бўлса-да, Европа ва Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан юқорилигича қолмоқда. Сўнгги йилларда туғилишнинг ўсиши фонида неонатал ўлимнинг кўпайиши ҳам кузатилмоқда.
Интеграциялашган перинатал ёрдам лойиҳаси бутун мамлакат бўйлаб 230 га яқин перинатал марказни модернизация қилишга қаратилган. Лойиҳа марказларни замонавий ва энергия тежамкор тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, клиник стандартлар ва протоколларни янгилаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш ва сифат назорати механизмларини жорий этиш имконини беради.
Бундан ташқари, лойиҳа перинатал йўлланма тизимини такомиллаштириш, ҳаётни қутқарувчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва тез ёрдам гуруҳларини кучайтириш, шунингдек, хавфни эрта аниқлаш ва ҳомиладорлик мониторинги учун беморларнинг электрон ёзувларини жорий этиш имконини беради.
ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая қўшимча қилди: “ОТБ кўмаги, шунингдек, ҳукуматга хабардорликни ошириш ва хатти-ҳаракатларни ўзгартириш бўйича мақсадли тадбирларни амалга оширишда ёрдам беради, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва оналарни тиббий хизматлардан фойдаланишга ундаш учун доя ва ҳамшираларни ўргатади”.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 12,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўрсатди.
Шарҳлар