Ўзбекистон БМТнинг ҳаво сифати бўйича халқаро рейтингида 134 мамлакат ичида 23-ўринни эгаллади
Жаҳондаги 134 мамлакатдан фақатгина еттитаси халқаро ҳаво сифати стандартларига жавоб беради: Австралия, Эстония, Финляндия, Гренада, Исландия, Маврикий ва Янги Зеландия. Ўзбекистон халқаро антирейтингда 134 мамлакат ичида 23-ўринни (ёмондан яхшига қараб) эгаллади. Бу ҳақда дунё бўйича 30 мингдан ортиқ мониторинг станциялари маълумотларини таҳлил қилган швейцариялик IQAir ташкилоти маълум қилади.
PM2,5 зарарли зарралари билан боғлиқ энг оғир вазият Бангладеш, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон ва Буркина-Фасода кузатилмоқда. Шу билан бирга, IQAir ҳисоботида Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка мамлакатларидаги вазият тўлиқ акс эттирилмагани, 54 давлатдан фақат 24 тасидагина етарли мониторинг станциялари мавжудлиги қайд этилган.
Олимларнинг таъкидлашича, жаҳон мамлакатларининг кўпчилиги PM2,5 қаттиқ зарраларига нисбатан БМТнинг меъёрларига риоя қилмаяпти. Бундай зарраларнинг асосий манбаи – ёқилғи ёқиш жараёни ҳисобланади.
«Бу заррачалар жуда майда бўлиб, турли аъзо тизимлари ва қон томирларига кириб боради. Улар ўпка ва нафас йўлларини қичитиши мумкин. Айнан шу уларни соғлиқ учун бу қадар зарарли қилади», – дейди Калифорниядаги Соғлиқ ва атроф-муҳит адолати тенглиги кафедраси доценти Мисбат Дауда.
Организмда тўпланган PM2,5 зарралари нафас йўлларида аллергик реакцияларга – бронхит, бурун оқиши, йўталга олиб келади. Зарраларнинг узоқ муддат таъсири астма, юрак хуружи, инсульт, ҳомиладорлик муддатининг бузилиши ёки ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин.
БМТ маълумотларига кўра, тахминан 7 миллион одам ҳавонинг ифлослиги туфайли бевақт ҳаётдан кўз юммоқда. IQAir шимолий америка бўлими бошлиғи Глори Дельфин Хаммеснинг фикрича, PM2,5 зарралари «ҳар қандай бошқа ифлословчи омилдан кўра кўпроқ одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда».
Шарҳлар