“Ўзбекистон архивлари” портали жорий этилди
Давлат архивлари тўғрисидаги маълумотларни жамлайдиган “Ўзбекистон архивлари” портали portal.archive.uz жорий этилди. Бу ҳақда АОКАда “Ўзархив” агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжмунида архив ишини ривожлантиришнинг 2023 йилга мўлжалланган режаси 18 та кўрсаткичлар бўйича бажарилиб, шундан 17 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилганлиги хусусида маълумот берилди.
Унга кўра, Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари томонидан (2023 йил 28 декабрь ҳолатига) жами 1 016,4 минг сақлов бирлигидаги 68,2 млн. кадр ҳужжатлар рақамлаштирилди. Тасдиқланган режага мувофиқ, 2023 йил бошидан 148,7 минг сақлов бирлигидаги қарийб 14,7 млн. кадр рақамлаштирилди ва режа 106,5 %га бажарилди.
«Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимида жами 48 486 та фонд, 50 709 та рўйхат, 704 796 сақлов бирлиги ва 358 269 ҳужжат базаси яратилди», – дейди Анваржон Алиев, “Ўзархив” агентлиги матбуот хизмати рахбари.
Тадқиқотчилар ва бошқа фойдаланувчилар ҳозирда ушбу тизимдаги маълумотлар билан doc.archive.uz орқали кириб танишиш имкониятига эга эканлиги ҳам қайд этилди.
Архив иши бўйича давлат назоратини онлайн рўйхатга олишни ташкил этиш мақсадида “Давлат назорати” ахборот тизими nazorat.archive.uz ишлаб чиқилиб тест-синов тариқасида жорий қилинди.
Шарҳлар