Ўзбекистон Олий суди 200 дан ортиқ қатағон қурбонларини реабилитация қилди

6 май куни Ўзбекистон Олий суди 1930-1938-йилларда қатағон қилинган 200 дан ортиқ шахсни реабилитация қилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

2022 йил 8 октабрдан буён мамлакатимизда Президент фармони билан бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қатағон қурбонлари меросини ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1 031 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.

«Олий судга Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашларининг махсус йиғилишининг 1930-1938 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж содир этиш, Туркфронт махсус бўлими ҳайъати ҳамда Бутун Россия фавқулодда комиссияси Президиумининг махсус йиғилишининг 1920-1921 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Фарғона вилояти ҳудудида босмачилик ҳаракатида иштирок этиш ҳамда ЎзССР Олий судининг 1938 йилдаги ҳукмига кўра партия ташкилотларида аксилшўро фаолиятини амалга оширганликда айбланган 198 нафар шахсга оид 11 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.