Ўзбекистон олимпия терма жамоаси U23 Осиё кубогида саудияликларни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга чиқди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси U23 Осиё кубоги чорак финалида Саудия Арабистони терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида  ғалабага эришди.

Биринчи бўлим ўзбекистонликларнинг минимал устунлиги билан якунланди – 1:0. 45-дақиқада Ҳусаин Норчаев гол урди.

Иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистони дарвозаси томон хавфли вазиятлар яратиб, ҳужумларни давом эттирди. Учрашувнинг 83-дақиқасида Умарали Раҳмоналиев иккинчи голни уриб, кескин қарама-қаршиликка нуқта қўйди.

Бу ғалаба терма жамоани мусобақанинг ярим финалига олиб чиқди ва энди улар 29 апрель куни Индонезия термасига қарши майдонга тушади.

Осиё Кубогининг учта энг яхши жамоаси тўғридан-тўғри Олимпиадага йўл олади, тўртинчи жамоа Гвинея термаси билан «play-off» ўйинларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Олимпиадага саралаш муваффақиятли якунланган тақдирда ўз тарихида илк бор иштирокчига айланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.