Санкт-Петербургда ўзбекистонлик ишчи одамларни ёнғиндан қутқарди (видео)
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистондан келган кўча супурувчиси қадимий уйда юз берган ёнғиндан аёлларни қутқарди, деб хабар беради “Комсомолская правда”.
Ҳодиса 25 апрель куни Подольская кўчасида юз берган. Воқеа жойига биринчи бўлиб Олимжон исмли 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси етиб келган.
“Тонгда ишга келдим ва уйнинг деразасидан олов чиқаётганини кўрдим. Дарҳол ўт ўчириш бўлимига қўнғироқ қилдим. Олов кучайди ва одамлар деразадан ташқарига чиқа бошлади. Аёллар қичқириб, пастга сакрамоқчи бўлди. Сакраманглар, ўт ўчирувчилар ҳозир сизларни қутқаради, дедим. Ўт ўчирувчилар аллақачон зинапояни очиб, юқори қаватга чиқаётган эди”, — деди у.
Эркак сув-оқова қувури орқали учинчи қаватга кўтарилган ва деразада турганларга ёрдамлашган. Кейин ўт ўчирувчилар келиб, нарвонни ўрнатган. Олим аёлларни пастга туширишга ёрдам берган.
“Ҳаммага ёрдам бериш керак. Одамнинг миллати қанақа эканлигининг менга фарқи йўқ. Етти йилда Россия менга худди ватандек бўлиб қолди”, — деди ўзбекистонлик.
Санкт-Петербург Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғинга энг мураккаб категорияни берди.
Шарҳлар